Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори 2011 йил 10 март, № 135

 

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЖОЙЛАШГАН ШАХСИЙ ВА КЎП ҚАВАТЛИ УЙ-ЖОЙЛАР, МАЪМУРИЙ, МАДАНИЙ ВА МАИШИЙ БИНОЛАРНИ ТАРТИБЛИ РАҚАМЛАШ ВА КЎЧА КЎРСАТКИЧЛАРИНИ ЎРНАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 августдаги «Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотларга ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ишларини тартибга солиш тўғрисида»ги 383-сонли қарори ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар кўламининг сифатини янада ошириш ҳамда манфаатдор ташкилотларнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, Тошкент шаҳридаги шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий, маданий ва маиший биноларни тартибли рақамлаш ва кўча кўрсаткичларини ўрнатиш ишларини тартибга солиш мақсадида қарор қиламан:


1. «Тошкент шаҳрида жойлашган шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий, маданий ва маиший биноларни тартибли рақамлаш ва кўча кўрсаткичларини ўрнатиш тартиби» иловага мувофиқ тасдиқлансин


2. Туман ҳокимликлари:
Ўз тасарруфидаги шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий, маданий ва маиший биноларни тартибли рақамлаш ва биноларга кўча кўрсаткичларини ўрнатиш ишларида ушбу тартибга қатъий амал қилсин.


3. Ободонлаштириш бош бошқармаси:
Туман Ободонлаштириш бошқармалари томонидан шахсий уй-жойлар, маъмурий, маданий ва маиший биноларни тартибли рақамлаш ва биноларга кўча кўрсаткичларини ўрнатиш юзасидан олиб борадиган ишларни ушбу тартиб асосида мувофиқлаштирсин.


4. Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси: Кўп қаватли турар жой биноларини тартибли рақамлаш ишларини ушбу тартиб талабларига мослаштирсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш Давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, «Тошгипрогор» ОАЖ, Тошкент бош режа лойиҳалаш ва илмий Тадқиқот институти, «Маҳалла» жамғармасининг шаҳар бўлими:
Ўз ваколати доирасида бино ва иншоотларнинг тартиб рақамига оид масалаларни ҳал этишда ушбу тартибга асосланишни назарда тутсинлар.


6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари зиммасига юклансин.

 

***

Тошкент шаҳар ҳокимининг
2011 йил 10 мартдаги
135-сонли қарорига
ИЛОВА

 

 

Тошкент шаҳрида жойлашган шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий, маданий ва маиший биноларни тартибли рақамлаш ва кўча кўрсаткичларини ўрнатиш тартиби

 

 

Ушбу тартибни амалга жорий этишдан асосий мақсад, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 августдаги «Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотларга ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ишларини тартибга солиш тўғрисида»ги 383-сонли қарори ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар кўламининг сифатини янада ошириш ҳамда манфаатдор ташкилотларнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, Тошкент шаҳридаги шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий, маданий ва маиший биноларни тартибли рақамлаш ва кўча кўрсаткичларини ўрнатиш ишларини тартибга солишдан иборат.


Мазкур тартибда Тошкент шаҳрида жойлашган шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий бинолар, корхона ва ташкилотлар, маданий-маиший муассасалар, спорт мажмуалари, тадбиркорлик субъектлари, савдо ва умумовқатланиш масканлари жойлашган биноларни рақамлаш ва кўча кўрсаткичларини ўрнатиш тартиби изоҳланган.


Амалда фойдаланиш учун таклиф этилаётган ушбу тартиб кўча йўналишига талаб даражасида кўча кўрсаткичларини ўрнатиш, шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий бинолар, корхона ва ташкилотлар, муассасалар, тадбиркорлик субъектлари, савдо ва умумовқатланиш масканлари, муассасалар жойлашган биноларни тартибли рақамлаш, бу борадаги ишларни изчил йўлга қўйиш, мавжуд чалкашликларни ўз вақтида бартараф этиш борасида дастур амал бўлиб хизмат қилади.


1. Шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий бинолар, корхона ва ташкилотлар, муассасалар, бизнес субъектлари, савдо ва умумовқатланиш масканлари, муассасалар жойлашган биноларнинг тартибли рақами асосий талабга, яъни манзилни тез ва осон топишга хизмат қилиши лозим.


2. Янги шахсий тураржой участкалари ва кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий бинолар, корхона ва ташкилотлар, маданий-маиший муассасалар, спорт мажмуалари, тадбиркорлик субъектлари, савдо ва умумовқатланиш масканлари ҳамда шу каби бошқа иншоотлар бунёд этилиши, Тошкент шаҳрига вилоятдан қўшилган маъмурий-ҳудудий бирликлар муносабати билан жойларда тартибли рақамлаш амаллари бажарилади.


3. Маҳаллий ҳудудларда фуқароларга тегишли бўлган янги шахсий уй-жой участкаларини тартибли рақамлаш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жойдаги кўчаларга ном берилгандан сўнг амалга оширилади.
Янги кўчаларга ном берилмасдан фуқароларга маълумот берилиши зарур ҳолатларда фуқарога ер бўлаги ажратиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган тартиб рақамидан вақтинча фойдаланиш мумкин.


4. Уй-жойларга тартибли рақам берилиши барча турдаги (шох кўча, кўча, тор кўча, берк кўча) кўчаларнинг бошланиш тарафидан амалга оширилади. Кўчанинг бошланиш тарафини шартли равишда шаҳардан ташқарига қараб ёки асосий кўчадан кириш йўналиши асос қилиб олинади. Кўча бошидан бошлаб чап томонга тоқ, ўнг томонга жуфт рақамлари берилади.


5. Кўча йўналишидаги уй-жой ва маъмурий бинолар оралиғида пайдо бўлган янги иншоотга ёндош бинонинг тартиб рақамидан келиб чиқиб, мисол тариқасида 1а, 1б, 1в, 1г шаклда ҳарфланади ёки 1/1, 1/2, 1/3,1/4 кўринишда дробланади.


6. Бир ҳовлида кейинги оила учун уй-жой қилиниб, унга алоҳида дарвоза очилса, уй эгасининг бўлиниш тўғрисидаги асосли ҳужжатлари илова қилинган аризасига асосан унга дарвоза очилган кўча томондан шу кўчадаги қўшни рақамларининг ошиб бориши тартиби бўйича кичик рақам олдига а,б, в ҳарфи билан тегишли тартиб рақам берилади.


7. Кўчанинг номи ўзгариши ҳамда бир йўналишдаги бир неча кўча номларининг яхлитланиши муносабати билан жойдаги бино ва иншоотларнинг тартиб рақамлари қайта кўриб чиқилиб, такрор тартиб рақамлари мавжуд бўлса, уларни талаб даражасида қайта рақамлаш талаб этилади.
Юқоридаги амаллар бажарилиши жараёнида қайта такрорликка йўл қўймаслик қатъий талаб этилади.
Такрор тартиб рақамларини тартибга келтириш жараёни бино эгаларига ортиқча муаммо туғдирмаслиги, аксинча уларнинг манзили аниқ бўлишига хизмат қилиши лозим.


8. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг кўчалар номини ўзгартиришга оид қарорлари йўналишдаги мавжуд тартиб рақамларига таъсир этмайди,


9. Кўча кўрсаткичлари шартли равишда асосий кўчадан кириб келишда тўғри кўринадиган ҳолда бинога 2,5 метр баландликка ўрнатилади.


Ўрнатиладиган кўча кўрсаткичлари маълум масофадан аниқ кўзга ташланиши лозим. Кўча кўрсаткичларининг аниқ кўринишига халақит берадиган ҳолатлар мавжуд бўлганида, кўча кўрсаткичи бинонинг бошқа тарафига ўрнатилиши мумкин.


10. Кўча кўрсаткичлари шоҳ ва асосий кўчаларда ҳар 200 — 250 метр, тор кўчаларда ҳар 50 — 100 метр, берк кўчаларда ҳар 50 метр узунлик оралиғида ўрнатилади.


11. Барча турдаги кўчалар, жумладан тор ва берк кўчалар кесишмасида кўча кўрсаткичлари бўлиши шарт.


12. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жой номларини ўзгартиришга оид қарорлари асосида барча турдаги кўчаларга тегишли кўча кўрсаткичларини тайёрлаш ва ўрнатиш ҳамда кўча йўналишида жойлашган шахсий турар жой участкаларини тартибли рақамлаш ҳамда йўналишдаги корхона ва ташкилотлар, муассасалар, савдо ва умумовқатланиш масканлари, ресторанлар, тўйхоналар, дорихоналар ва бошқа маданий-маиший ва ижтимоий ташкилотлар маъмурияти ва тадбиркорлик субъектлари аризасига биноан уларни тартибли рақамлаш туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади.


13.Шахсий турар жой участкаларини рақамлаш бирламчи тарзда жойдаги маҳалла раиси ёки унинг фаоллари иштирокида олиб борилади.
Шахсий турар-жой участкаларига, маданий, маърифий, ижтимоий ва маиший иншоотларга берилган тартиб рақамлари сургучланган ва бетлари рақамланган алоҳида китобда қайд этилади.


14. Туман Ободонлаштириш бошқармаси шахсий уй-жойлар, маданий, маърифий, ижтимоий ва маиший иншоотларнинг тартиб рақами бўйича маҳаллани, ёзма равишда мурожаат этган фуқарони ҳамда бино ёки иншоот эгасини хабардор этади.
Туман Ободонлаштириш бошқармаси ўз ваколати доирасида тегишли давлат тузулмаларининг шахсий уй-жойлар ҳамда тегишли бино ва иншоотларнинг тартибли рақами бўйича киритган сўровномасига жавоб беради.


15. Шахсий уй-жой участкаларига ва мавжуд маданий, маърифий, ижтимоий ва маиший иншоотларга берилган тартибли рақамни дарвозага ёки бинога ўрнатиш ишлари уй ва бино эгалари томонидан амалга оширилади.


16. Шахсий турар жой уйларининг дарвозалари ёки эшикларида тартиб рақами бўлишига оид ишларни жойдаги Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш йиғини, яъни маҳалла раислари мувофиқлаштириб боради.


17. Туман ҳокимлиги томонидан туман Ободонлаштириш бошқармаси орқали кўчаларга кўча кўрсаткичларини ўрнатиш, шахсий турар жой уйларига, маданий, маърифий ва маиший биноларга тартибли рақамлар бериш ишлари назорат қилинади.


18. Янгидан бунёд этилган кўп қаватли турар жой биноларини тартибли рақамлаш лойиҳалаш институтлари, буюртмачи ташкилотлар, туман архитектори ва бошқа тегишли ташкилотларнинг тавсиясига биноан ҳудудий туман ҳокимлигининг қарори билан амалга оширилади. Бунда тартибли рақамларнинг кетма-кетлиги таъминланиши шарт.


19. Мавзеларда ва кўча йўналишида жойлашган кўп қаватли турар-жой биноларининг тартибли рақамланиши Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилади.


20. Кўп қаватли биноларга ўрнатиладиган тартиб рақами ҳажми камида 30х40 см кўринишида бўлиши керак.


21. Кўп қаватли уйлардаги мавжуд рақамлар чалкашлиги тегишли хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва маҳалла раисларининг тавсиясига биноан туман ҳокими томонидан тартибга солинади.
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўз тасарруфларидаги кўп қаватли уйларнинг тартиб рақами бўйича фуқароларга тегишли маълумотлар ҳамда давлат тузулмаларининг сўровномаларига жавоблар беради.

 

*Изоҳ. Ушбу тартиб Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси ва тегишли мутахассислар билан келишган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Топонимия комиссияси ва Ободонлаштириш бош бошқармасининг Топонимия ва ташқи безаш бўлими томонидан тайёрланган.

risola (8) risola (7) risola (6)

 

 ***

ОРҚАГА             ОЛДИНГА                     МАЪЛУМОТНОМА