ЯШНОБОД ТУМАНИ

Яшнобод тумани маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида 1968 йил 31 январда Ҳамза райони номи билан ташкил этилган.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2014 йил 29 августдаги қарори билан туман номи – Яшнобод тумани деб юритилади.

risola (70) risola (69)

Туман Амир Темур хиёбони ва Истиқбол кўчаси бўйлаб Фарғона йўли кўчасигача, Катта халқа йўли бўйлаб, Оҳангарон йўли орқали “Олмос” ва “Гўзал” маҳалласи ҳудудини қамраб олган ҳолда Паркент кўчасигача давом этади. Умумий майдони 33,7 кв.км.


Яшнобод туманида 55 та маҳалла мавжуд. Туман ҳудудида 3 минг-га яқин корхона ва ташкилот, 2 мингдан ортиқ кичик корхона ва микрофирма, 200дан ортиқ қўшма корхоналар фао­лият кўрсатмоқда. Жумладан, «Подъёмник», «Ўзэнерготаъмир», «Тошкентвино», «Fалла-Алтег», «Ўзбек қоғози», «Ўзбекистон шампани», «Тошдонмаҳсулот», «Тошкентгуруч» АЖ, «Фарм Гласс» ҚК ва бошқа қурилиш ташкилотлари, темир йўли транспорти корхоналари – тепловоз ва вагон деполари, Тошкент юк ортиш-тушириш темир йўли станцияси бор.

risola (72) risola (73)

Кейинги йилларда ташкил қилинган «Фарм Гласс» Ўзбекистон–Британия, «Туфин» Ўзбекистон–Исроил, «Лок-Колор–Синтез» Ўзбекистон–Швейцария, «NWA» – Ўзбекистон–Россия қўшма корхоналарида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.


Туманда Ўзбекистон Республикаси ФА Президиуми, 3 та илмий тадқиқот инс­титути, 28 та умумий таълим мактаби, 43 та мактабгача тарбия муассасаси, 5та мусиқа мактаби, 3 та ихтисослашган мактаб-интернат, 5 та касб-ҳунар коллежи, 2 та лицей, бизнес мактаби бор.


Тумандаги 19-асрда қурилган Тошкент тиббиёт академияси биноси, Рим-католик черкови (Польша костели биноси, 1914–17 йиллар) республика аҳамиятидаги меъморий ёдгорликлардир.


Туман ҳудудида Франция, Туркия, Хитой, Индонезия, Украина, Япония давлатлари элчихоналари ва Корейс миллий маркази жойлашган.


Туман ҳудудида жойлашган барча турдаги кўчаларнинг умумий сони 428 тани ташкил этади. Асосий кўчалари-Тараққиёт, Истиқбол, Содиқ Азимов, Оҳангарон, Катта халқа йўли, Фарғона йўли, Катта халқа йўли, Янгиобод, Бешариқ, Яҳё Ғуломов, Авиасозлар, Алимкент, Мухтор Ашрафий, Уйсозлар, Иззат, Мирзо Улуғбек, Жарқўрғон, Элбек, Паркент, Қорасув сингари кўчалардан иборат.


Туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман марказий кўчалари, майдонлари умумхалқ байрамлари ва оммавий-маданий тадбирлар муносабати билан байрамона безатилиб келинади.

***

ОРҚАГА             ОЛДИНГА                     МАЪЛУМОТНОМА